"Биздан озод ва oбод ватан қолсин"

Ислом Каримов

Истиқлолимизнинг машаққатли, фидокорона меҳнат билан ўтган икки йили орқада қолди. Бу йиллар бой имкониятларга эга бўлган, республика ва унинг аҳолисини танг ҳолатдан, моддий ва маънавий инқироздан чиқариш,  миллий  давлатимиз  пойдеворини  қуриш,  иқтисодиётимизни  сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш йиллари бўлди.  Ўзбекистонни  жаҳонга  намоён  қилиш,  ахборот  ва  иқтисодий жиҳатдан  четлаштириш  ҳолларига  барҳам  бериш,  жаҳон ҳамжамиятининг  бошқа  мамлакатлари  қаторида  тенг  бўлиб  олиш сари интилиш йиллари бўлди. Мустақилликнинг икки йили- кўҳна тарихимизни, тарихда бизга ажратилган ўрнимизни чуқур англаш йиллари бўлди.  Бу  йиллар  шу  ҳолатларнинг  сабабларини  мафкуравий ақидалардан холи равишда, ақл-идрок билан таҳлил қилиш йиллари бўлди.  Энг муҳими, мустақилликнинг дастлабки йиллари ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимизни собитқадамлик билан излаш, Ўзбекистонни эркин,  қудратли  ва  гуллаб-яшнаётган  мамлакатга  айлантириш йўлидаги интилиш даври бўлди. Бу даврда биз ўзлигимизни англаш йўлида улкан қадам қўйдик, ўзимизнинг тарихий йўлимизни танлаб олдик.  Ҳаётимизни,  жамиятимизнинг  асосий  тамойилларини  ва давлатимизнинг  сиёсий-ижтимоий,  ҳуқуқий,  иқтисодий тузилмаларини ҳал қилувчи, умуминсоний қадриятларга асосланган,  эркин  демократик  келажагимизни  аниқ  белгилаб  берган  Асосий Қонун- Конституциямизни қабул қилдик.

 Ислом Каримов