Энг буюк эслатма.

Инсонни қадрлаш ва сифатли таълим йили" нинг энг кўзга кўринган табирларидан биттаси бу юбиляр шоир ва ёзувчиларимизнинг таваллуд саналарини тантанали нишонлаш ёки уларга, уларнинг ижодига ҳурмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган тадбирлар бўлди. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва моҳир таржимон Давлатмурод Каримов Боллиевичнинг 60 йиллик таваллуд тантанаси Тўрткўл туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва Маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси, Тўрткўл Ахборот кутубхона маркази, Тўрткўл туман ХТБўлими ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида, ижодкорнинг ўзи ишлайдиган 6- сон умумтаълим ўрта мактабида бўлиб ўтди. Тадбирни мактаб директори Нажмиддин Омонов очиб берди. Республика Маънавият ва Маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари Жонибек Сеттиев ижодкорнинг нуфузи ва аҳамияти ҳақида тўхталар экан, Давлатмурод нафақат Қорақалпоғистон ёки Ўзбекистон балки бутун туркий дунё эътироф этишга арзийдиган ижодий ишлар қилганлиги яъни инсониятга энг буюк эслатма бўлган Қурони Карим китобини туркман тилига таржима қилганлигини айтиб, туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва Маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмасининг ижодкор учун ёзилган адресатини ўқиб берди ва туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғасини топширди. Шундан кейин мактаб маъмурияти ҳам ижодкорга туркман миллий маданий либосларидан бўлган тўн ва дўппи кийгизди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, меҳнат фахрийси Маммат Соли Машарипов, Тўрткўл туман Ахборот кутубхона маркази мутахассиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Мунаввара Юсупова, "Тўрткўлнома" таҳририяти бош муҳаррири Ўғилжон Нуруллаева, ижодкорнинг биринчи ўқитувчиси Алланазар Мухомов, кўп сонли китобхонлардан туман иқтидорли мактабининг қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Гавҳар Омонжўлиева, Қорақалпоғистондаги Туркман миллий маданий маркази директори Ражаббой Авезов ва бошқалар чиқиб ижодкор ижодига илиқ фикрлар айтиб, туркман миллий либосларидан бўлган тўнлар кийгизишди. 1994 йили Дунё туркманларининг III Халқаро қурултойининг делегати, 1995-йили Дунё туркий халқларининг III-халқаро поэзия фестивалининг иштирокчиси ҳамда Туркманистон Республикаси Президентининг қарори билан "Ватанпарварлиги учун" медали соҳиби, 2002- йили Қорақалпоғистон Республикаси Жўқарғи Кенгашининг "Ҳурмет жарлығы"га сазовор бўлган шоир ва моҳир таржимон Давлатмурод Каримов ҳақиқатан ҳам энг буюк эслатма деб номласа ярашадиган ўз халқининг меҳр-оқибатига мушарраф бўлди, десак муболаға бўлмайди.